Фирибгарларга 52 млн рублга чув тушган МДУ профессори ўз жонига қасд қилди

27.05.2025 20:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Иқтисод фанлари доктори, Москва давлат университети профессори Борис Бояринцев фирибгарлар қўлига 52 миллион рублни қўшқўллаб топширгач, шаҳар ташқарисида ўз жонига қасд қилди.

Firibgarlar

78 ёшли Борис Бояринцевнинг жасади дўстига тегишли шаҳар ташқарисидаги ҳаммомнинг буғхонасида топилди. Танишларининг билдиришича, профессор сўнгги кунларда жуда тушкун аҳволда бўлган ва молиявий муаммолардан шикоят қилган. У билан сўнгги марта учрашган дўсти у руҳан синганини айтган.

Марҳумнинг шахсий буюмлари орасидан ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан очилган жиноят иши ҳақидаги ҳужжат нусхаси топилган. Расмий маълумотларга кўра, у 2024 йил декабридан бери номаълум шахсларга пайдар-пай 52,6 миллион рубл пулни бериб юборган. Бу маблағнинг катта қисми профессорга тегишли икки уйнинг сотувидан тушган пулдан иборат бўлган.

Mash телеграм-канали Бояринцев «украин фирибгарларининг қурбони»га айланганини маълум қилди. Улар у билан телефон орқали мулоқот қилиб, турли баҳоналар билан унинг ишончини қозонган ва йирик маблағларни ўзлаштиришган.

ТАСС агентлиги Россия ИИВ манбасига таяниб, мазкур ҳолатни тасдиқлади. Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.