Германия Федератив Республикаси ҳукумати АҚШнинг энг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири — Ҳарвард университетини ўз ҳудудида кампус очишга таклиф этди. Бу таклифни мамлакат маданият вазири Вольфрам Ваймер илгари сурди.
Вазирнинг таъкидлашича, Ҳарвард университети Германияда «сургундаги кампус» ташкил этиш орқали АҚШда юзага келган чекловлар туфайли таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлган халқаро талабаларни қабул қилиши мумкин. У мазкур ташаббус АҚШда Доналд Трамп маъмурияти хорижий талабаларни Ҳарвардга қабул қилишни тақиқлаганидан кейин юзага келганини билдирди.
«Биз санъат ва сўз эркинлигига, очиқ муҳокама ва хилма-хилликка ишонамиз. Ҳарвард ва бошқа Америка университетларининг талабалари Германияда мамнуният билан кутиб олинади», деган Ваймер Bloomberg нашрига берган интервьюсида.
Мазкур таклиф амалга ошса, Германияда таълим олиш имкониятлари янада кенгаяди ва халқаро академик алоқаларни мустаҳкамлайди.