«Ҳаж сафарига юбораман», деб минглаб доллар ўзлаштирган фирибгарлар қўлга олинди

27.05.2025 13:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ҳаж зиёратига юбориш ваъдаси билан фуқароларни алдаб, катта миқдордаги пулларни ўзлаштирган бир нечта фирибгарни ушлади. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Kishan

Тошкент шаҳри ва Фарғона вилоятида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида фуқароларни ҳаж сафарига юборишни ваъда қилган шахслар қўлга олинди. Улар фуқаролардан минглаб доллар миқдоридаги пулларни фирибгарлик йўли билан ўзлаштиргани маълум қилинди.

Тошкентда фаолият юритувчи хусусий туристик фирма ходими — 1997 йилда туғилган шахс Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида яшовчи икки нафар фуқародан уларни Саудия Арабистонига юбориш эвазига 12 800 АҚШ доллари олган вақтида ушланган. Терговга қадар текширувлар давомида фирманинг яна икки ходими — 1980 ва 1994 йилларда туғилган шахслар ҳам ушбу схемага алоқадор экани аниқланди. Улар зиёратга юбориш ваъдаси билан фуқароларни алдаб, катта миқдордаги маблағни ўзлаштирган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» банди асосида жиноят иши қўзғатилди. Гумонланувчилардан икки нафарига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди.

Шунингдек, Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида 1986 йилда туғилган фуқаро ҳаж сафарига юбориш баҳонасида Тошлоқ туманида яшовчи фуқародан 11 минг АҚШ доллари олган пайтда далилий ашёлар билан ушланган. Бу ҳолат бўйича ҳам Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси 3-қисми «а» банди асосида иш қўзғатилиб, тергов ишлари олиб борилмоқда.

Айни пайтда ушбу жиноятлардан жабр кўрган бошқа фуқароларни аниқлаш ва етказилган моддий зарарни баҳолаш юзасидан тегишли чоралар кўрилмоқда.