Президентнинг 2024 йил 23 майдаги қарорига мувофиқ, Ўзбекистонда дори воситаларининг импорти ва чакана савдоси соҳасида қатъий тартиб ва назорат чоралари жорий этилмоқда. Унга кўра, 1 июлдан бошлаб импорт дори воситаларини сотиш фақат расмий импорт қилувчи ташкилотлар ёки уларнинг дилерлари орқали амалга оширилади.
Янги тартибга кўра, дори воситаларини сотиш фақат электрон ҳисобварақ-фактура асосида амалга оширилиши лозим. Шу билан бирга, мустақил брокерлар ва норасмий ташкилотларга бундай дори воситаларини сотиш тақиқланади. Бу орқали қалбаки ва маркировкасиз дори воситаларининг муомаласига чек қўйиш мақсад қилинган.
1 сентябрдан бошлаб эса фармацевтика фаолиятини бошлаш учун дорихоналар ва компаниялар кўчмас мулк бўйича ижара ёки текин фойдаланиш шартномасини солиқ органларида рўйхатдан ўтказиши ва электрон тўлов тизимини жорий этиши шарт қилиб белгиланмоқда.
Агар солиқ органлари текшируви давомида контрафакт ёки маркировкадан ўтмаган дори воситаларини сотиш, сақлаш ёки ташиш ҳолатларини аниқласа, ваколатли органлар томонидан ушбу субъектнинг лицензияси вақтинча тўхтатилиши мумкин. Бу амалиёт соғлиқни сақлаш соҳасида хавфсизликни оширишга қаратилган.
Шунингдек, 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонга олиб кирилаётган антибиотиклар, оғриқ қолдирувчи, вирусга қарши ва гормонал дори воситалари учун 2 фоиз миқдорида божхона божи жорий этилган эди.