Фракция аъзолари томонидан ишчиларнинг ҳуқуқларини кучайтириш, ишдан кейинги меҳнат учун адолатли ҳақ тўлаш, иш берувчилар ва ходимлар учун қулайлик яратиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди. Қонун лойиҳасидаги асосий янгиликлардан бири — иш вақтидан ташқари меҳнатнинг биринчи икки соати учун камида бир ярим баравар, ундан ортиқ қисми учун эса камида икки баравар ҳақ тўлаш тартибини белгилашдир.
Шунингдек, ходимни йил давомида 120 соатгача ишдан кейинги меҳнатга жалб этиш имкони мавжудлиги амалда мавжуд норма бўлиб, энди уни икки кун мобайнида тўрт соатдан ошмаслиги шаклида чеклаш кўзда тутилмоқда. Бу ўзгаришлар халқаро амалиётга мувофиқ равишда ишлаб чиқилгани қайд этилди.
Йиғилишда депутатлар ташаббускорларга ўзларини қизиқтирган саволларни бериб, лойиҳа бўйича қўшимча тушунтиришлар олишди. Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланди.
Шунингдек, йиғилишда миграция масалалари ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, сўнгги йилларда хорижда ишлаш истагида бўлган шахслардан хусусий бандлик агентликлари томонидан ноқонуний тўловлар ундирилиш ҳолатлари кўпайгани танқид қилинди.
Янги қонун лойиҳасига кўра, хусусий агентликларга фуқароларни касб ва чет тилларига ўргатиш курсларини ташкил этиш ҳамда бу жараёнга хорижий иш берувчиларни жалб қилиш ҳуқуқи берилади. Шу билан бирга, Миграция агентлигига агентликлар томонидан қонун бузилиш ҳолатларига нисбатан маъмурий чоралар кўриш ваколати топширилмоқда.
Йиғилишда муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.