ЖССТ: Спиртли ичимликларга солиқ оширилиши аҳоли саломатлиги учун самарали чора ҳисобланади

27.05.2025 17:20 | 2 дақиқада ўқилади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти спиртли ичимликларга белгиланган солиқларни оширишни аҳоли саломатлигини яхшилашда энг самарали чоралардан бири сифатида тавсия қилмоқда.

Jsst

ЖССТнинг таъкидлашича, солиқларнинг оширилиши алкогол нархини кўтариб, унинг истеъмолини камайтиради. Бу эса юрак-қон томир, жигар ва руҳий саломатлик билан боғлиқ касалликлар ҳамда ҳалокатлар сонини камайтиришга ёрдам беради.

Мисол тариқасида, Ирландия ва Мексикада спиртли ичимликларга солиқ оширилгандан сўнг, истеъмол даражаси пасайгани ва ичкиликбозликка боғлиқ касалланиш ҳамда ўлим ҳолатлари камайгани қайд этилган.

ЖССТ таъкидлаганидек, спиртли ичимликлар юрак хуружи, инсульт, жигар циррози ва гепатит хавфини оширади. Шу билан бирга, оғиз, қизилўнгач, жигар ва кўкрак саратони ривожланишига ҳам туртки беради. Алкоголнинг асаб тизимига салбий таъсири эса депрессия ва бошқа руҳий муаммоларни келтириб чиқаради.

Солиқдан тушган даромадлар соғлиқни сақлаш тизимига йўналтирилиши орқали тиббий хизматлар сифатини ошириш, профилактик тадбирлар ва касалликларни даволаш имкониятлари кенгаётгани таъкидланмоқда.