Европа марказий банки (ЕMB) президенти Кристин Лагарднинг таъкидлашича, агар Европа ҳукуматлари молиявий ҳамда хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликни кучайтирса, евро долларга муносиб глобал муқобилига айланиши мумкин. У бу фикрларни Берлиндаги Ҳерти мактабидаги маърузаси чоғида билдирди.
Сўнгги ойларда АҚШнинг нотинч иқтисодий сиёсати туфайли халқаро инвесторлар доллар активларидан қочиб, олтинга мурожаат қилмоқда. Бироқ евро ҳозирча бевосита муқобил сифатида кўрилмаяпти.
«Ҳозирги ўзгаришлар «глобал евро лаҳзаси»ни яратиши мумкин. Аммо евро нуфузни ўз-ўзидан эмас, ҳаракат орқали қозониши керак», — деди Лагард.
Унинг сўзларига кўра, бунга эришиш учун Европа:
– чуқурроқ ва ликвид капитал бозори яратиши;
– қонуний асосларини мустаҳкамлаши;
– очиқ савдони хавфсизлик салоҳияти билан таъминлаши керак.
Ҳозирда доллар халқаро захираларнинг 58 фоизини ташкил этса, евронинг улуши 20 фоиздан ошмаган. Бу АҚШ валютаси нуфузининг пасайишини кўрсатса-да, евро ҳали унга яқинлаша олгани йўқ.
Лагард евронинг мавқеини ошириш учун Европа давлатлари ташқи савдо ҳисоб-китобларида еврони асосий валюта сифатида қабул қилиши, янги савдо келишувлари ва ЕMБ билан ликвидлик шартномаларини йўлга қўйиши лозимлигини таъкидлади.
Шу билан бирга, у ички бозордаги муаммоларни ҳам ҳал этиш зарурлигини айтди. Жумладан, евроҳудуд капитал бозори ҳанузгача парчаланган, ликвид активлар етишмайди ва хавфсиз активлар тақчил.
«Иқтисодий мантиқ шундан далолат берадики, жамоат мулклари биргаликда молиялаштирилиши керак. Бу орқали Европа хавфсиз активлар таклифини босқичма-босқич кенгайтириши мумкин», — дея таъкидлади Лагард.
Бироқ биргаликда қарз олиш баъзи мамлакатлар, хусусан Германия учун ҳали ҳам муросасиз мавзудир. Улар бошқа давлатлар молиявий беқарорлиги учун ўз солиқ тўловчилари жавобгар бўлиб қолишидан қўрқади.
Европа бу йўналишда муваффақиятга эришса, Лагард фикрича, инвесторларнинг оқими ортиб, маҳаллий бозорда қарз олиш арзонлашади, валюта курсларига боғлиқлик камаяди ва халқаро санкциялардан ҳимоя мустаҳкамланади.