Ўзбекистон ташқи савдосида етакчи ҳамкорлар ва экспортдаги олтин таъсири

27.05.2025 10:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистоннинг ташқи савдосида йирик ўсиш қайд этилган бўлса-да, бу кўрсаткичда асосий ҳиссани олтин экспорти таъминламоқда. Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг ёзишича, айрим давлатлар билан савдо кенгаяётган бўлса, бошқалари билан пасайиш кузатилмоқда.

Gold uzbekistan

2025 йилнинг илк тўрт ойида Ўзбекистоннинг ташқи савдо ҳажмида сезиларли ўзгаришлар қайд этилди. Экспортнинг асосий ўсиши олтин ҳисобига юзага келган бўлиб, у таснифланмаган давлатларга юборилган. Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бу давлатларга экспорт 2,5 млрд долларга ортган. Ушбу ўсишнинг 2,1 млрд доллари айнан олтин ҳисобига тўғри келади.

 

Таснифланмаган давлатлардан ташқари, Россия, БАА, Афғонистон ва Словения каби ҳамкорлар билан экспорт ҳажмида юқори суръатда ўсиш кузатилмоқда. Россияга экспорт 196 млн долларга ошган бўлиб, бу рублнинг курси ўзгариши ва мамлакатда импорт имкониятларининг чеклангани билан боғлиқ. БААга ҳам оз миқдорда олтин юборилгани қайд этилган. Афғонистонга эса электр энергияси, қайта ишланган нефт ва қуритилган дуккаклилар ҳисобига 103 млн долларлик ўсиш кузатилган.

 

Шу билан бирга, айрим ҳамкорлар билан экспорт ҳажмида пасайиш кузатилган. Жумладан, Туркияга экспорт 54 млн долларга, Хитойга 38 млн долларга ва Чехияга 10 млн долларга камайган. Хитой билан савдодаги пасайиш асосан ип-калава ва тозаланган мис каби хомашё маҳсулотлари экспорти камайиши орқали шаклланган.

 

Mirkonomika

Бундай ўзгаришлар асосан жаҳон бозоридаги талабнинг сусайиши, валюта курсларининг ўзгариши ва айрим товарларнинг нархлари текислашуви билан боғлиқ ҳолда тушунтирилади. Бу эса Ўзбекистон ташқи савдо сиёсатининг тезкор ва мақсадли диверсификация йўналишларини талаб этаётганини кўрсатади.