Ўзбекистон Венгриянинг учта фармкомпанияси билан дори ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқда

27.05.2025 14:08 | 2 дақиқада ўқилади.

«Gedeon Richter», «Egis» ва «Meditop» компаниялари Ўзбекистонда шартнома асосида дори воситаларини ишлаб чиқариш ва маҳаллийлаштиришни режалаштирмоқда. Ҳамкорлик доирасида катта ҳажмдаги сармоя ва технологиялар жалб этилади.

Farmakompaniya

Ўзбекистон Венгриянинг йирик фармацевтика компаниялари билан ҳамкорликда дори воситаларини шартнома асосида ишлаб чиқариш ва маҳаллийлаштиришни йўлга қўймоқда. Бу ҳақда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Азизовнинг сўзларига кўра, Венгриянинг фармацевтика соҳасидаги етакчи корхоналаридан бири — «Gedeon Richter» компанияси Ўзбекистонда 36 миллион долларлик дори воситаларини етказиб бермоқда. Биринчи босқичда бешта дори воситаси ишлаб чиқарилиши режалаштирилган бўлиб, келгусида янги турдаги препаратлар ҳам жорий этилиши мумкин.

Яна бир компания — «Egis Pharmaceuticals» билан ҳам пудрат ишлаб чиқариш бўйича келишувга эришилган. Корхона айни пайтда Ўзбекистонга 30 дан ортиқ дори турларини, тахминан 6−7 миллион долларлик ҳажмда экспорт қилмоқда.

«Meditop Pharmaceutical» билан эса бир йил давомида музокаралар олиб борилган. Компания 16 та дори воситасини республикада рўйхатдан ўтказиб, маҳаллийлаштириш лойиҳасини тайёрламоқда. Агар маҳсулотларга талаб юқори бўлса, «Meditop Tashkent Pharma Park» кластерида ишлаб чиқаришни бошлаши мумкин.

Маълумот учун, «Meditop» компанияси 2023 йил август ойида Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида завод қуриш ниятида эканини билдирган, инвестиция ҳажми 20−50 миллион доллар атрофида баҳоланмоқда.