Ўзбекистон ядровий фалокатда товон тўлашни назарда тутувчи Вена конвенциясига қўшилади

27.05.2025 20:30 | 2 дақиқада ўқилади.

27 май куни Қонунчилик палатаси Ўзбекистоннинг 1963 йилда қабул қилинган Вена конвенциясига қўшилиши ҳақидаги қонунни қабул қилди. Конвенция ядровий фалокат юз берган тақдирда халққа товон тўлашнинг халқаро механизмларини кўзда тутади.

Yadro

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида «Ядровий зарар учун фуқаролик жавобгарлиги тўғрисидаги Вена конвенциясига (1963 йил, Вена) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида»ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан кўриб чиқилди ва қабул қилинди.

Конвенцияга қўшилиш натижасида Ўзбекистонда фуқаролик ядро объектларида юзага келган ҳодисалар оқибатида етказилган зарар учун жавобгарлик режими, товон тўлаш тартиби ва муддатлари, молиявий кафолатлар ҳамда оператор мажбуриятлари халқаро стандартларга мувофиқ белгилаб берилади.

Ядровий қурилма операторлари учун зарарни қоплашда минимал молиявий кафолатлар белгиланиши халқ манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Бу тизим жабрланган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашга, миллий ядро хавфсизлиги тизимига ишончни оширишга ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистондаги ядро энергетикаси соҳасида ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлайди. Айни пайтда мамлакатда АЭС қуриш лойиҳаси амалга оширилаётгани, жумладан 8 май куни Фориш туманида кичик қувватли атом станциясини жойлаштириш схемаси тасдиқлангани эътиборга олинса, бу каби халқаро кафолатли келишувларнинг аҳамияти янада ортади.

Қонун лойиҳаси Сенатга юборилди ва у тасдиқланса, Ўзбекистон расман Вена конвенциясига қўшилади. Бу эса мамлакатнинг ядровий хавфсизлик ва жавобгарлик соҳасидаги халқаро мажбуриятларини аниқ белгилаб беради.