Ўзбекистонда апрел ойида электромобиллар импорти 6,8 баробарга ошди

27.05.2025 12:15 | 3 дақиқада ўқилади.

2025 йил апрел ойида Ўзбекистонда енгил автомобиллар импорти 1,31 баробарга ошди. Айниқса, электромобиллар импортида кескин ўсиш қайд этилди — уларнинг улуши 62 фоизга етди. Шу билан бирга, бензин ва гибрид автомашиналар импорти анча камайди.

Elektromobil

Ўзбекистон Давлат Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил апрел ойида мамлакатга 5111 та енгил автомобил олиб кирилди. Бу 2024 йилнинг шу ойига нисбатан миқдор жиҳатидан 1,31 баробар, қиймат жиҳатидан эса 1,14 баробар кўпдир. Умумий импорт ҳажми 98,54 млн долларни ташкил этди.

Апрел ойида бензинда ҳаракатланувчи енгил автомобиллар импорти 1654 дона бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 1,43 баробар камайган. Қиймат жиҳатидан бундай автомобиллар импорти 55,7 млндан 36,24 млн долларгача қисқарди. Шунингдек, уларнинг ўртача нархи ҳам пасайиб, 21,91 минг долларни ташкил этди.

Электромобиллар импорти эса кескин ўсиб, 470 тадан 3193 тага етди. Бу 6,79 баробар ўсиш демакдир. Қиймат жиҳатидан импорт 6,88 баробарга кўпайиб, 57,08 млн долларни ташкил этди. Электромобилларнинг ўртача нархи деярли ўзгаришсиз қолди — 17,87 минг.

Гибрид автомобиллар импорти эса 4,37 баробарга камайди ва 235 дона бўлди. Умумий қиймати 4,62 млн долларни ташкил этди, ўртача нархи эса 21,17 мингдан 19,67 минг долларгача тушди. Шу билан бирга, биринчи марта 29 та дизел двигателли енгил автомобиллар ҳам импорт қилинди.

Ой якунлари бўйича импорт таркиби сезиларли ўзгарди. Бензинли машиналар улуши 61,1фоиздан 32,38 фоизга, гибридларники 26,4 фоиздан 4,5 фоизга тушди. Электромобиллар улуши эса 12,08 фоиздан 62,4 фоизгача кўтарилди.

Жорий йилнинг тўрт ойи давомида автомобиллар импорти 2,17 баробарга камайиб, 14 068 тани ташкил этди. Умумий қиймат эса 2,68 баробарга пасайиб, 213,55 млн доллар бўлди. Марказий банк маълумотларига кўра, электромобиллар импорти бўйича сўнгги чекловлар унинг ҳажмида сезиларли тушишга олиб келган.