Ўзбекистонлик ҳамширалар 2800 евродан бошланган маош билан Германияда ишлашга таклиф қилинмоқда

27.05.2025 19:45 | 2 дақиқада ўқилади.

Германиядаги «RecruitMed» компанияси Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан 50 нафар тажрибали ҳамширани ишга таклиф қилмоқда. Номзодларга 12 ойлик тил курслари, визани расмийлаштириш ва бошқа имтиёзлар таклиф этилади.

Germaniya

Германиянинг «RecruitMed GmbH & Co. KG» компанияси Ўзбекистон Республикаси Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан ҳамкорликда 50 нафар ҳамшира учун вакансия эълон қилди. Бу ҳақда агентликнинг «Хорижда иш» Telegram канали орқали маълум қилинди.

Таклиф этилаётган иш ўринларига номзодлардан қуйидагилар талаб этилади:

– ҳамширалик соҳасида камида 1 йиллик иш тажрибаси;

– 18−40 ёш оралиғида бўлиш;

– судланмаган, соғлом бўлиш;

– техникум (3 йиллик) ёки олий таълим (бакалавр) дипломига эга бўлиш.

Қабул қилинганларга аввалги босқичда 2800 евро маош белгиланган бўлиб, малаканинг Германияда тасдиқланишидан сўнг бу кўрсаткич 3300 еврогача ошиши мумкин. Уй-жой ижараси ва овқатланиш харажатлари ишчи ҳисобидан қопланади.

Танлаб олинган мутахассислар учун Термиз ва Нукус шаҳарларида 12 ойлик немис тили курслари, визани расмийлаштириш, aviachipta, трансфер ва Германияда ишга жойлашиш бўйича ёрдам кўрсатилади.

Қўшимча имтиёзлар қаторида яшаш жойини топишда кўмак, 13-ойлик маош, тиббий суғурта ва меҳнат таътили каби шартлар ҳам назарда тутилган.