«Project Qatar 2025» кўргазмасида «Made in Uzbekistan» маҳсулотлари тақдим этилмоқда

27.05.2025 13:45 | 2 дақиқада ўқилади.

Доҳа шаҳридаги «Project Qatar 2025» халқаро кўргазмаси доирасида Ўзбекистон электротехника саноати корхоналари ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқда. Қатар расмийлари миллий стендни юқори баҳолади.

Made

Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида қурилиш ва инфратузилма соҳасидаги йирик халқаро тадбир — «Project Qatar 2025» кўргазмаси ўз ишини бошлади. Ушбу нуфузли анжуманда Ўзбекистон электротехника саноати корхоналари «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси раҳбарлигида «Made in Uzbekistan» бренди остида иштирок этмоқда.

«Project Qatar» — ҳар йили ўтказиладиган ва дунё бўйлаб юзлаб компанияларни бирлаштирадиган етакчи кўргазмалардан бири бўлиб, қурилиш ва инфратузилма соҳаларидаги инновацияларни тарғиб қилиш майдони сифатида эътироф этилади.

Миллий стенд доирасида ўз маҳсулотлари ва ишлаб чиқариш салоҳиятини намойиш этган ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар Қатар ҳукумати расмийлари томонидан юқори баҳоланди.

Кўргазма доирасида хорижий компаниялар билан ҳамкорлик учрашувлари, савдо музокаралари ва экспорт шартномаларини имзолаш режалаштирилмоқда. Бу эса Ўзбекистон электротехника маҳсулотларини янги бозорларга чиқариш имкониятларини кенгайтиради.