Россия ҳукуматининг янги қарорига кўра, меҳнат квотаси асосида мамлакатга кириб келаётган ва фақат белгиланган компанияларда ишлайдиган муҳожирлар рус тили, тарих ва қонунчилик бўйича тест топширишдан озод қилинади. Бу тартиб Хитой, Ҳиндистон, Сербия, Туркманистон ва Туркия фуқаролари учун мўлжалланган.
Ушбу меҳнат муҳожирлари русиялик корхоналар таклифи асосида ишга қабул қилинади ва фақат шу компанияларда фаолият юритади. Тегишли қонун лойиҳаси Россия Таълим ва фан вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиб, ҳукумат томонидан маъқулланган.
ТАСС ахборотига кўра, 2025 йил учун меҳнат муҳожирлари учун 234 958 та квота ажратилган. Қарор, асосан, инфратузилма ва саноат соҳаларидаги эҳтиёжларни қоплашни кўзлайди.
Шу билан бирга, Россияда ишлаш патенти, яшаш учун рухсат ёки фуқаролик олишни истаганлар учун рус тили, тарих ва ҳуқуқ асосларидан тест топшириш талаби ҳануз сақланиб қолмоқда.
Бундан ташқари, 2025 йил апрелидан бошлаб Россия мактабларига қабул қилинадиган муҳожир болалар ҳам рус тилидан имтиҳон топширишлари лозим бўлади. Тестдан ўта олмаган болалар мактабга қабул қилинмайди.