Россия Украинанинг Суми областидаги тўртта қишлоқни ўз назоратига олди

27.05.2025 19:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Украина шимоли-шарқида жойлашган Сум вилоятида Россия армияси тўрт чегара ҳудудидаги қишлоқни эгаллагани расман тасдиқланди. Киев томони бундан урушнинг узоқ давом этиш эҳтимолини кўрмоқда.

Rossiya

Россия армияси Украина шимолидаги Суми области ҳудудида яна тўртта қишлоқни назоратга олди. Бу ҳақда Суми области ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Григорёв маълум қилди. Унга кўра, Новенка, Басивка, Веселивка ва Журавка қишлоқлари ҳозирда Россия қўшинлари томонидан эгалланган.

Григорёвнинг сўзларига кўра, ушбу қишлоқлардаги аҳоли аввалроқ эвакуация қилингани боис, фуқаролар ҳаётига тўғридан-тўғри таҳдид йўқ. Бироқ фронт яқинида жойлашган яна бешта қишлоқда жанглар давом этмоқда.

Россия томони бу ҳаракатларни чегара ҳудудида «буфер зона» яратиш ҳаракати сифатида асосламоқда. Кремл раҳбари Владимир Путин буни ўтган ҳафтада стратегик устувор вазифа деб эълон қилган эди.

Украина Президенти Владимир Зеленский душанба куни қилган мурожаатида Россия томонида тинчлик йўлида ҳеч қандай жиддий саъй-ҳаракатлар кўрилмаётганини таъкидлади. «Қўлимиздаги маълумотларга кўра, Путин ва унинг атрофидаги раҳбарлар урушни тўхтатиш ниятида эмас,» деди Зеленский.

Унга кўра, Россия янги ҳужум операцияларига тайёргарлик кўрмоқда ва бу мамлакатнинг узоққа чўзилувчи урушга умид боғлаётганини англатади. «Бу дунё бўйлаб тинчлик истаган барча инсонларга нисбатан ҳурматсизликдир,» дея қўшимча қилди Украина раҳбари.