Россиянинг Украинадаги «буфер зона» режаси 91 йилгача чўзилиши мумкин

27.05.2025 10:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев Украина ҳудудида кенг қамровли «буфер зона» яратиш таклифини илгари сурди.

Rossiya

Америка Қўшма Штатларидаги Урушни ўрганиш институти (ISW) ҳисоб-китобларига кўра, бу режани амалга ошириш учун Россия армиясига 91 йил ва 50 миллионга яқин ҳарбий керак бўлади.

ISW маълумотларига кўра, Россия армияси ҳозирги кунда кунига ўртача 14,3 квадрат километр ҳудудни эгалламоқда ва ҳар куни тахминан 1 500 нафар ҳарбийни йўқотмоқда. Агар бу суръат сақланса, Медведев таклиф қилган 587 000 квадрат километрлик буфер зонасини тўлиқ эгаллаш учун 91 йил вақт ва 50 миллионга яқин ҳарбий керак бўлади.

Медведевнинг режаси Украина ҳудудининг деярли барчасини ўз ичига олади, фақат Польша билан чегарадош Волин ва Лвив вилоятларининг кичик қисми истисно қилинган. Унинг таъкидлашича, бу буфер зонаси Россия шаҳарларини Ғарб томонидан етказиб берилаётган узоқ масофали ракеталардан ҳимоя қилиш учун зарур.

ISWнинг ҳисоб-китобларига кўра, Донецк, Луганск, Запорожье ва Херсон вилоятларининг қолган қисмини эгаллаш учун Россияга тахминан тўрт йил керак бўлади. Бу ҳудудлар 2022 йилда Россия томонидан аннексия қилинган эди. Шунингдек, Днепр дарёсини кесиб ўтиш, Херсон шаҳрини қайта эгаллаш, Одесса вилоятида десант операциялари ўтказиш, Суми ва Харьков шаҳарларини, шунингдек, Киев ва Украина маркази ҳамда ғарбидаги бошқа йирик шаҳарларни эгаллаш каби мураккаб вазифаларни бажариш талаб этилади.

Россия армияси 2024 йил бошидан 2025 йил апрелигача бўлган даврда 400 000 нафардан ортиқ ҳарбийни йўқотган. Бу ҳар бир квадрат километр ҳудуд учун ўртача 84 нафар ҳарбий йўқотишни англатади. Жами йўқотишлар сони 783 000 нафарга етган, шундан 172 000 нафари ҳалок бўлган.

ISWнинг хулосасига кўра, Россиянинг бу каби кенг қамровли буфер зона яратиш режаси амалга ошиши эҳтимоли жуда паст. Бу режа катта инсон ва моддий ресурсларни талаб қилади, шунингдек, катта географик ва мудофаа тўсиқларини енгиб ўтишни талаб этади.