Samsung Display Россиядан металл харидини тўхтатди

27.05.2025 18:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Samsung Display компанияси 2024 йилда Россиядан дисплей ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган олтин, волфрам ва тантал каби металларни харид қилмаган. Бу қарор эҳтимолан санкциялардан қочиш мақсадида қабул қилинган.

Samsung

Жанубий Кореянинг Samsung Display компанияси 2024 йилда Россиядан металл харид қилмагани маълум бўлди. Бу ҳақда «Коммерсант» нашри компаниянинг ҳисоботларига таянилган ҳолда хабар берди. Дисплейлар ишлаб чиқаришда асосий хомашё ҳисобланадиган олтин, волфрам ва тантал каби материаллар аввал Россиядаги 11 та корхонадан сотиб олинган.

Компания 2022 ва 2023 йиллардаги металл етказиб бериш ҳақидаги маълумотларни ошкор этмаган. Аммо 2024 йилдаги ҳаракатлари, айниқса, Россияга нисбатан иккинчи даражали санкциялар хавфи ортиши фонида, эҳтиёткорлик билан амалга оширилгани тахмин қилинмоқда.

Россиядаги маълумотлар сақлаш тизимлари ишлаб чиқарувчилар консорциуми директори Олег Изумрудовга кўра, Samsung Display металлларни бевосита Россиядан харид қилишдан воз кечган бўлиши мумкин, аммо уларни воситачилар орқали ҳали ҳам олаётган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Бу логистика жараёнларини мураккаблаштириши ва компания маҳсулотлари нархини 2–5 фоизга ошириши мумкин.

Бироқ нашр манбаси бўлган электрон техника ишлаб чиқарувчиларидан бири Samsung Display компанияси металл етказиб берувчиларини бутунлай ўзгартириб, Россия ўрнига Осиёдаги бошқа манбаларга ўтганини айтди. Бу эса компаниянинг Россия билан ҳамкорликни тўлиқ тўхтатганини кўрсатади.

Бу қарор Samsung Display’нинг халқаро бозордаги мавқеини сақлаб қолиш ва геосиёсий хавф-хатарлардан холи бўлиш ҳаракати сифатида баҳоланмоқда.