Саудия Арабистони ЖЧ-2034 пайтида алкоголга чекланган рухсат беради

27.05.2025 08:30 | 2 дақиқада ўқилади.

2034 йили футбол бўйича ўтказиладиган Жаҳон чемпионати давомида Саудия Арабистонида айрим ҳудудларда спиртли ичимликлар истеъмолига рухсат берилиши кутилмоқда. Бу мамлакат тарихидаги илк бундай ечим бўлади.

Saudi

1952 йилдан бери мамлакатда алкогол маҳсулотлари қатъий тақиқланган. Аммо халқаро босим ва туризм ривожи туфайли Саудия расмийлари ЖЧ-2034 давомида 600 га яқин сайёҳлик ҳудудида чекланган шаклда спиртли ичимликларни истеъмол қилишга имкон яратишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда The Sun нашрлари хабар берди.

Аввалроқ мамлакатнинг Буюк Британиядаги элчиси Холид ибн Бандар Ол Сауд чемпионат давомида алкогол сотилмаслигини айтганди. Аммо охирги қарорга кўра, беш юлдузли меҳмонхоналар, туристик ҳудудлар каби лицензияланган жойларда паст градусли ичимликлар – вино, пиво ва сидр сотилиши мумкин бўлади.

Шу билан бирга, жамоат жойларида, хусусий уйлар ёки дўконларда алкогол истеъмоли ва 20 фоиздан ортиқ спирт миқдорига эга ичимликлар сотилиши ҳамон ман қилинган.

Саудиянинг бу қарори БАА ва Баҳрайн каби туризм бозоридаги рақиблар билан рақобатлашишга қаратилгани таъкидланмоқда. Шу билан бирга, мамлакат анъанавий қонунларини тўлиқ ўзгартирмасдан, халқаро талабларга қисман мослашишга ҳаракат қилмоқда.