The Wall Street Journal нашрининг ёзишича, АҚШ президенти Доналд Трамп шу ҳафта Россияга қарши янги санкциялар жорий этиш имконини кўриб чиқмоқда. Газета манбалари таъкидлашича, эҳтимолий чекловлар молиявий соҳани қамраб олмаслиги мумкин, чунки асосий муҳокама бошқа усуллар атрофида кечмоқда.
Трамп 25 май куни қилган баёнотида Россия президенти Владимир Путин Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни «ҳеч қандай заруратсиз» амалга ошираётганини таъкидлади ва бу ҳаракатлар Россиянинг келажагига таҳдид солиши мумкинлигини қайд этди.
«Мен доим Путин Украинанинг фақат бир қисмини эмас, балки бутунини хоҳлайди, деб келганман. Балки бу тахминим тўғри бўлиб чиқяпти. Лекин агар у Украинага эга чиқса, бу Россиянинг қулашига олиб келиши мумкин», — деди Трамп.
WSJ маълумотларига кўра, Трамп агар музокаралар орқали тинчлик келишуви амалга ошмаса, у жараёндан чиқиб кетиши мумкинлигини ҳам кўриб чиқмоқда. Шундай бўлса-да, Трамп ҳозирча барча вариантларни очиқ қолдирган.
Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливитт нашрга берган изоҳида президент музокаралар орқали тинчликка эришишни устувор вазифа сифатида белгилаганини ва ҳар қандай эҳтимолий сценарийларга тайёр эканини билдирди.