Украина Россия ичкарисига узоқ масофага учувчи қуроллардан зарба бериши мумкин

27.05.2025 13:15 | 2 дақиқада ўқилади.

Германия, Буюк Британия, Франция ва АҚШ Украинага узоқ масофали қуроллардан фойдаланишга қўйилган чекловларни бекор қилди. Энди Киев Россия ҳудуди ичкарисидаги ҳарбий нишонларга зарба бериши мумкин.

Ukraina

Украинага етказиб берилган қуроллардан фойдаланишдаги чекловлар тўртта йирик давлат — Германия, Буюк Британия, Франция ва АҚШ томонидан расман бекор қилинди. Бу ҳақда Германия канцлери Фридрих Мерц баёнот берди.

«Украинага етказиб берилган қуролларнинг отиш масофаси бўйича энди ҳеч қандай чеклов йўқ. Бу нафақат Буюк Британия ва Франция, балки бизнинг томонимиздан ҳам бекор қилинди. Америка томонидан ҳам чекловлар олиб ташланган», деди Мерц ўз чиқишида.

Унинг сўзларига кўра, Германия Украинага ёрдам бериш бўйича «барча имкониятларни ишга солиш»ни давом эттиради. Шу мақсадда у Буюк Британия бош вазири Кир Стармер, Франция президенти Эммануэл Макрон ва Полша бош вазири Доналд Туск билан биргаликда «кўнгилликлар коалицияси» доирасида Украинага ташриф буюрганини таъкидлади.

Мерцнинг қайд этишича, бу қарор Украинага ўзини ҳимоя қилиш, жумладан, Россия ҳудудидаги ҳарбий объектларга зарба бериш имкониятини яратади. У бундай имкониятлар аввал жуда кам ҳолларда амалга оширилганини ҳам қўшимча қилди.

Мазкур қарор халқаро майдондаги кучлар мувозанати ва жанубий фронтдаги ҳаракатларга таъсир қилиши мумкин.