Volvo Cars 3 мингта иш ўрнини қисқартиришини маълум қилди

27.05.2025 14:45 | 3 дақиқада ўқилади.

Швецияда жойлашган, хитойлик «Geely» компаниясига тегишли Volvo Cars автоконцерни харажатларни қисқартириш режаси доирасида 3 мингга яқин ишчи, асосан офис ходимларини ишдан бўшатишини эълон қилди. Бу қарор глобал автомобиль бозоридаги қийинчиликлар фонида қабул қилинди.

Volvo

Volvo Cars компанияси 3 мингта иш ўрнини қисқартиришини маълум қилди. Бу қисқартириш асосан Швециядаги офисларда ишловчи офис ходимларга тааллуқли бўлиб, жами шундай тоифадаги ишчиларнинг тахминан 15 фоизини ташкил этади.

Компания бу қарорни харажатларни қисқартириш ва фаолиятни қайта кўриб чиқишни назарда тутувчи 18 миллиард швеция кронлик (1,9 миллиард доллар) режа доирасида қабул қилган. Volvo Cars бош директори Ҳокан Самуэлссон бу қарорни оғриқли, аммо компаниянинг барқарор келажаги учун зарур қадам сифатида баҳолади.

Автомобил саноати жаҳонда турли қийинчиликларга дуч келмоқда, жумладан, АҚШ президенти Доналд Трампнинг импорт автомобилларига 25 фоизлик бож жорий этиши, хомашё нархининг ўсиши ва Европадаги сотув кўрсаткичларининг пасайиши шулар жумласидандир.

«Volvo»нинг маълум қилишича, 2025 йил апрел ойидаги жаҳон бўйича сотувлари ўтган йилнинг худди шу даврига нисбатан 11 фоизга камайган. Компания бош қароргоҳи Швециянинг Гётеборг шаҳрида жойлашган бўлиб, унинг ишлаб чиқариш заводлари Швеция, Бельгия, Хитой ва АҚШда фаолият юритади.

Volvo 2010 йилда АҚШнинг Ford компаниясидан Хитойнинг Geely концернига сотилган эди. 2021 йилда компания 2030 йилгача барча автомобилларини электр версияларга ўтказиш режасини эълон қилган, аммо кейинчалик бу мақсадлар товарларга нисбатан жорий қилинган божлар туфайли қайта кўриб чиқилган.

Автомобил бозоридаги рақобат тобора кучаймоқда. Япониянинг «Nissan» компанияси ҳам яқинда 11 мингта иш ўрнини қисқартириши ва 7 та заводни ёпишини маълум қилди. Шу билан бирга, Хитойнинг «BYD» компанияси 20 дан зиёд моделлари учун нархларни пасайтирди, бунга жавобан бошқа хитойлик автоконцернлар ҳам ўз чораларини кўрмоқда.