Бу ҳақда Украина Ташқи разведка хизмати раҳбари Олег Ивашченконинг Ukeinform нашрига маълум қилган. Ивашченкога кўра, Хитой Россияга ҳарбий мақсадларда фойдаланиладиган порох, махсус кимёвий моддалар, ускуналар ва технологик қурилмаларни тизимли равишда етказиб бермоқда. Ушбу жараёнда Россиядаги 20 га яқин ҳарбий саноат корхонаси қатнашмоқда.
Ивашченкога кўра, 2024–2025 йиллар давомида Хитой ва Россия ўртасида авиация соҳасида камида бешта ҳамкорлик ҳолати қайд этилган. Жумладан, рус корхоналарига бутловчи ва эҳтиёт қисмлар, ускуналар ва техник ҳужжатлар юборилган. Шунингдек, махсус кимёвий моддалар билан боғлиқ олти ҳолат ҳам аниқланган.
Россия дронларида ишлатилаётган муҳим электрон таркибий қисмларнинг тахминан 80 фоизи Хитойдан келтирилаётгани таъкидланди. Баъзи ҳолатларда маҳсулотлар учинчи давлатлар орқали, ёлғон номлар, сохта ҳужжатлар орқали етказиб берилаётгани аниқланган. Бу билан асл манбаларни яшириш мақсад қилинган.
Бундан ташқари, Донецк учун бўлган апрел ойидаги жанглар пайтида Украина томони Россия сафига қўшилган икки нафар Хитой фуқаросини асир олган. Орадан кўп ўтмай, Украина президенти Володимир Зеленский Россия армиясида жанг қилаётган хитойликлар сони 155 нафарга етганини маълум қилди. Улар ҳақида тўлиқ маълумотлар – фамилияси, паспорти, ёши ва қайси бўлинмаларда хизмат қилаётгани ҳақидаги маълумотлар жамланган.
Асирга олинган икки нафар хитойлик сўроқ пайтида ўз хоҳиши билан рус армиясига қўшилганини, Хитой ҳукуматининг бу ишга алоқаси йўқлигини таъкидлаган. Бироқ расмий Киев бу ҳолатни жиддий хавф сифатида баҳоламоқда.