Хитойда электромобил бозоридаги янги уруш: BYD нархларни тушириб, рақобатни кучайтирди

27.05.2025 08:45 | 3 дақиқада ўқилади.

BYD компаниясининг 20дан ортиқ моделларга нархларини пасайтириши Хитойдаги электромобиллар ишлаб чиқарувчилар акцияларининг қатор кескин тушишига сабаб бўлди. Янги «нарх урушлари» бозордаги рақобатни янада оширишга хизмат қилмоқда.

Byd seal 07

Шэнжэнда жойлашган ва Ҳонгконгда рўйхатдан ўтган BYD компанияси ўзининг энг арзон модеми — Seagull электромобилини 55 800 юан (7770 доллар) нархда таклиф этди. Бу қарор ортидан компания акциялари 9 фоизга арзонлашди. Унинг рақобатчилари — Geely, Li Auto ва Xpeng акциялари ҳам 4-7 фоизга тушиб кетди.

Компания шу ҳафтада 20 дан ортиқ моделга тахминан 15-34 фоиз миқдорида чегирмалар эълон қилди. Хусусан, ҳибрид двигателли Seal 07 модели учун 53 000 юан (34 фоиз) миқдоридаги чегирма эълон қилинди. Бу кампания 2025 йил июн охирига қадар давом этиши ва II чоракда BYDнинг автомобил етказиб бериш ҳажмини 20–30 фоизга ошириши кутилмоқда.

Citi таҳлилчилари BYD ҳар бир автомобилдан 9000 юан атрофида соф фойда олиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Бу ўтган ойда компания раҳбарияти таъкидлаган 10 000 юанлик фойда прогнозига нисбатан камроқ. Инвесторлар буни бозордаги етакчиликни сақлаш учун фойдани қурбон қилиш сифатида баҳолашмоқда.

BYD ҳаракатига жавобан Changan, Deepal суббренди остидаги моделларига 15 фоиз, Leapmotor эса ўз C16 ва C11 автомобилларига 28–30 фоиз чегирма эълон қилди. Хитой Автомобил дилерлари уюшмаси вакили Ли Янвэйнинг таъкидлашича, BYD бозорда нарх сиёсати бўйича ҳал қилувчи таъсирга эга бўлиб, унинг ҳар бир қадами бошқа ишлаб чиқарувчиларни ҳам унга эргашишга мажбур қилмоқда.

Сўнгги икки йилда кескин нарх рақобати Хитойдаги автомобил компаниялари даромадларини пасайтириб, соҳадаги консолидация жараёнини тезлаштирди. Мамлакатнинг бош иқтисодий режалаштириш органи — Тараққиёт комиссияси, бу тенденцияни хавфли деб баҳолаб, айрим ишлаб чиқарувчилар бозор нархидан паст нархларда маҳсулот сотиш орқали рақобатни бузмоқда, деб ҳисоблайди.