Примаковнинг таъкидлашича, «Рус уйи» фаолияти тўлиқ музлатилган ва у ерда ҳеч қандай иш амалга оширилмаяпти. Хавфсизликка доир вазият яхшиланганидан кейингина фаолиятни қайта тиклаш имкони кўриб чиқилади. Ташкилот вазиятни кузатиб бормоқда. Унинг сўзларига кўра, ташкилот ходимлари элчихона тавсиясига кўра мамлакатдан чиқарилган.
Россия ҳукумати квотаси бўйича суриялик талабаларни танлаб олиш жараёни ҳам тўхтатилган. Примаковга кўра, мамлакатда ташкилотнинг фаол ва доимий иштироки бўлмаса, бундай қабулни амалга ошириш жуда қийин. Шунинг учун ҳозирча талабаларни саралаш ҳам тўхтатиб турилган.
Жорий йилнинг 10 январ куни Примаков «Рус уйи» Сурияда гўёки Украинага берилгани ҳақидаги миш-мишларни рад этганди. У Россия элчихонаси Дамашқда ҳозир ҳам қийин шароитларда дипломатик фаолиятни давом эттираётганини таъкидлаган.
Айни вақтда, АҚШ давлат котиби Марко Рубио Сурияда ҳокимиятга келган исломий кучлар ҳукумати ағдарилиши мумкинлигини айтди. Унинг фикрича, мамлакат яқин ҳафталарда янги фуқаролик урушига дуч келиши мумкин. Бу сўнгги геосиёсий ўзгаришлар Дамашқдаги вазиятнинг янада чигаллашувига олиб келиши мумкинлигини кўрсатади.
Аввалроқ Озарбойжон пойтахти Боку шаҳридаги «Рус уйи» ҳам ёпилган эди. Бунга сабаб қилиб Azerbayjan airlines авиакомпаниясининг Embraer E-170 самолёти Грозний шаҳрида ўққа тутилгани ва оқибатда Қозоғистоннинг Оқтов шаҳрида ҳалокатли қўнишни амалга оширгани келтирилган. Россия томони ҳанузгача ҳалокат учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган.