Янги автомобиллар нархи нега ошиб бормоқда?

27.05.2025 18:20 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда янги автомобиллар нархининг ошиши бир қанча омиллар билан изоҳланмоқда. 2024 йилда мамлакатда автомобил ишлаб чиқариш ҳажми 399,2 мингтага етди — бу ўтган йилга нисбатан атиги 0,9% кўп. Марказий банк хабарига кўра, аввалги икки йилда кузатилган жадал ўсиш суръати сезиларли даражада секинлашган.

Yangi avtomobillar

Импорт ҳажми эса 2023 йилга нисбатан 7,1% га камайди. Айниқса, 2024 йилнинг биринчи чорагида импорт уч баробарга қисқарган. Электромобиллар импортидаги кескин пасайиш ҳам шу қаторида, бу — уларни олиб кириш қоидаларининг қатъийлашгани билан боғлиқ.

Бу салбий динамика иккинчи қўл бозорига ҳам таъсир қилди: автомобил олди-сотдиси бўйича битимлар сони 32,9% га камайди. Энг кўп таклиф ҳали ҳам Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида қайд этилмоқда. Бундай ҳолат талаб ва аҳоли харид қобилиятининг пасайиши, шунингдек, мавсумий омиллар билан боғланмоқда.

2023 йил март ойидан бошлаб янги автомобиллар нархи ҳам миллий, ҳам хорижий валютада пасайган бўлса-да, кейинги пайтда сўмда нархлар яна ўсишга юз тутди. 2025 йилдан бошлаб эса нархлар барқарор ўсиш тенденциясини кўрсата бошлади.

2024 йил март ойида янги автомобиллар нархи иккинчи бозорда сўмда 4,7%, долларда эса 1,6% га ошган. Бу талаб юқорилиги ва импорт ҳажмининг пасайиши билан изоҳланмоқда.

Бундан ташқари, автомобил харидида фуқаролар сифат, кафолатли хизмат, ёқилғи тежамкорлиги ва замонавий технологияларга эътибор беришмоқда. Янги автомобиллар учун мўлжалланган кредит ва лизинг дастурлари ҳам бу сегментда талабни ошираётган муҳим омиллардан бири ҳисобланади.