Япония 34 йиллик етакчиликдан сўнг ташқи активлар бўйича ўрнини Германияга бўшатди

27.05.2025 21:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Япония 34 йилдан бери биринчи марта энг йирик ташқи активларга эга мамлакат мақомини йўқотди. Ундан ўзиб кетган Германия охирги марта бу мақомни 1991 йилда қўлга киритган эди.

Yapomiya ikki

Япония сўнгги 34 йил ичида илк бор жаҳондаги энг йирик тоза ташқи активларга эга давлат мақомини йўқотди. Bloomberg нашрининг маълумот беришича, 2024 йил якунига кўра Германия Японияни ортда қолдириб, рейтингда биринчи ўринни эгаллади.

Япониянинг жами ташқи активлари 2024 йилда 533 трлн иенага (тахминан 3,7 трлн доллар) етди. Бу кўрсаткич 2023 йилга нисбатан 13 фоизга ўсган бўлса-да, етакчиликни сақлаб қолиш учун етарли бўлмади.

Германия эса шу давр мобайнида ташқи активларини 25 фоизга ошириб, уларнинг умумий қийматини 3,966 трлн долларга етказди. Бу эса унга 1991 йилдан бери биринчи марта етакчиликни қайтариш имконини берди.

Bloomberg маълумотларига кўра, Германиянинг бундай ўсиши ташқи савдо балансидаги юқори ижобий сальдо ва евро курсининг иенага нисбатан мустаҳкамланиши билан боғлиқ. 2024 йил якунида Германия савдо балансида 248,7 млрд евро, Японияда эса 180 млрд евро сальдо қайд этилган.

Шу билан бирга, Япония молия вазири Кацунобу Като ушбу ҳолатни драматик ўзгариш сифатида баҳоламаслик кераклигини таъкидлади. Унга кўра, Япония ташқи активлари доимий ўсишда давом этмоқда ва бу рақамлар вазиятнинг кескин ўзгарганини англатмайди.