Болгария келаси йили евро ҳудудига қўшилиши мумкин

28.05.2025 10:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Европа Иттифоқи органлари Болгариянинг еврозонага қўшилишига ижобий баҳо бериш арафасида. Агар қарор қабул қилинса, мамлакат 2026 йилда еврони расмий валюта сифатида қабул қилиши мумкин. Бу иқтисодий наф билан бирга нархлар ошишига оид хавотирларни ҳам келтириб чиқаряпти.

Bolgariya

Еврони қабул қилиш Болгарияга Европа Иттифоқи мамлакатлари билан савдо алоқаларини кучайтириш, транзакция харажатларини камайтириш ва Брюсселдаги таъсирини ошириш имконини беради. Ҳозирда болгар леви евро билан боғланган бўлса-да, мамлакат ЕЦБнинг пул-кредит сиёсатини белгилашда иштирок этмайди.

Еврозонага қўшилиш натижасида Болгария марказий банки раҳбари Европа Марказий банкининг бошқарув кенгашида расмий ўринга эга бўлади. Бу мамлакатнинг Европа молиявий сиёсатларига таъсирини оширади.

Бироқ танқидчилар еврони қабул қилиш инфляцияни ошириши ва айниқса, қишлоқ жойлардаги аҳолига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидламоқда. Президент Румен Радев бу хавотирлар фонида еврони жорий этишни кечиктириш бўйича референдум ўтказиш ниятини билдирган, аммо мамлакат Конституциявий суди бундай овоз беришни қонуний деб топмаслиги мумкин.

Болгария аввалроқ 2024 йил 1 январдан еврони жорий этишни режалаштирган эди, аммо сиёсий беқарорлик бу режаларни кечиктирди. Ҳозир мамлакат еврони 2026 йилдан жорий этишга тайёргарлик кўрмоқда.