27 май куни Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилиниб, маъқулланди. Қонун давлат хизматларини рақамлаштириш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг давлат органлари билан масофавий алоқаларини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилган.
Ҳужжатга кўра, электрон ҳужжатларда электрон имзо ва бошқа рақамли тасдиқ воситаларини қонуний равишда тан олиш таъминланади. Бу орқали шахснинг розилиги ва муносабатда иштирокини аниқ идентификация қилиш мумкин бўлади.
Солиқ тўловчилар манфаати учун яна бир муҳим ўзгариш — ортиқча тўланган солиқ суммаларини келгуси тўловларга ҳисобга олиш муддати 15 кундан 3 иш кунига қисқартирилади. Бу фискал органлар билан тезкор ва қулай ҳамкорликни таъминлашга хизмат қилади.
Қонун ижтимоий йўналишни ҳам қамраб олади. Хусусан, Чернобил АЭСда фалокат оқибатларини бартараф этишда иштирок этган фуқаролар ҳамда уларнинг турмуш ўртоқлари даромад солиғидан озод этилади.
Сенаторлар ушбу ўзгаришларни давлат хизматларини рақамлаштириш, солиқ маъмуриятини соддалаштириш ва фуқаролар учун енгиллик яратишдаги муҳим қадам сифатида баҳолади. Қонунни қабул қилиш орқали электрон ҳукумат тизимидаги имкониятлар кенгайтирилади, айрим аҳоли қатламлари учун қўшимча имтиёзлар яратилади.
Қонун лойиҳаси Сенат аъзолари томонидан бир овоздан маъқулланди.