Павел, октябрдаги сайловлар натижасидан қатъи назар, Чехиядан Украинага 1,8 миллион снаряд етказиб бериш ташаббуси давом эттирилишига ишонч билдирмоқда. Унинг айтишича, мухолифатдаги АНO партияси ушбу ташаббусга қарши эмас, фақат жараённинг шаффофлигини талаб қилмоқда.
Павел сиёсий партиялар билан учрашиб, мамлакат хавфсизлиги принциплари барчага тушунарли бўлиши лозимлигини билдирган. Бундан ташқари, у НАТО доирасида Европа ўз мудофаа салоҳиятини ошириши кераклигини айтди. Унга кўра, Европа АҚШ билан ҳамкорликда ёки мустақил тарзда операция олиб боришига тайёр бўлиши шарт.
АНO партияси раҳбарларидан бири Карел Ҳавличек снарядлар билан боғлиқ битимни шаффоф эмас, деб баҳолаб, НАТО даражасида назорат қилиниши кераклигини айтди. Унинг таъкидлашича, келишувда шубҳали таъминловчилар ва юқори фойда маржаси мавжуд.
Павелнинг фикрича, Европа фақат ЯИМнинг муайян фоизини мудофаага сарфлаш билан чекланмасдан, аниқ ҳарбий имкониятларни яратиши керак. «Уруш бўлса, генераллар фоизлар билан эмас, реал қурол, кемалар ва тайёр самолётлар билан курашади», — деди у.
Президент шунингдек, АҚШ билан очиқ мулоқот зарурлигини таъкидлаб, улардан Европа қанчалик кучли бўлиши кераклиги ҳақида аниқ жавоб сўрашни таклиф қилди. У Украина НАТОга аъзо бўлиши реал эмаслигини тан олди, аммо бу ғоядан воз кечмасликни таъкидлади.