SAFE фондининг асосий мақсади — ЕИнинг мудофаа саноатига шошилинч ва кенг кўламли сармояларни жалб қилишдир. Европа Кенгаши баёнотига кўра, бу орқали ишлаб чиқариш қуввати оширилиб, иттифоқнинг умумий мудофаа қобилияти мустаҳкамланади.
Фонд Украинага қўллаб-қувватлашни давом эттиришга ҳам хизмат қилади. Украина ЕИнинг мудофаа саноатига тўғридан-тўғри жалб қилинади. Бу, жумладан, қурол-аслаҳа таъминотини барқарорлаштириш ва ягона мудофаа бозорини ривожлантириш мақсадида амалга оширилмоқда.
Фонд маблағлари ЕИга аъзо давлатларга узоқ муддатли кредитлар шаклида тақдим этилади. Бу кредитлардан фойдаланиш учун камида иккита давлат иштирокидаги қўшма мудофаа харидлари амалга оширилиши шарт қилиб қўйилган.
Устувор йўналишлар сифатида ўқ-дорилар, ракеталар, артиллерия тизимлари, ер устидаги жанговар воситалар, киберхавфсизлик, ҳаво ва ракетага қарши мудофаа тизимлари, учувчисиз аппаратлар ҳамда космик хизматлар белгиланган.
Бу ташаббус ЕИнинг стратегик мустақиллигини кучайтириш ва келажакдаги хавф-хатарларга қарши тайёргарликни таъминлашни кўзлайди.