Европа Иттифоқи Сурияга қарши барча иқтисодий санкцияларни бекор қилди

28.05.2025 21:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Европа Иттифоқи 2024 йил охирида Башар Асад режими ағдарилгандан кейинги сиёсий ўзгаришлар туфайли Сурияга қўйилган иқтисодий санкцияларни тўлиқ бекор қилди. Бу қарор ЕИ томонидан мамлакатдаги янги сиёсий тузумни қўллаб-қувватлаш рамзи сифатида қабул қилинмоқда.

Syria

Евроиттифоқ Кенгаши маълумотларига кўра, барча иқтисодий чекловлар, жумладан, Сурия Марказий банки ва яна 23 та ташкилотга нисбатан жорий этилган санкциялар бекор қилинди. Фақат хавфсизликка дахлдор соҳалардаги айрим чекловлар ўз кучида қолмоқда. Расмий баёнотда таъкидланишича, бу қадам Сурия халқини инклюзив ва тинч давлат қуриш йўлида қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Европа Иттифоқи ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас мазкур қарорни «тарихий даврда тўғри ташаббус» сифатида баҳолади. Унинг сўзларига кўра, ЕИ Сурияда барқарор сиёсий ўтиш жараёнини ҳар томонлама ёрдам билан қўллаб-қувватлашда давом этади.

Шу билан бирга, Европа Иттифоқи Сурия собиқ президенти Башар Асад режимига алоқадор шахслар ва ташкилотларга нисбатан жорий этилган шахсий санкцияларни 2026 йил 1 июнгача узайтиришга қарор қилди.

Ушбу қарор АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан 13 май куни берилган баёнот ортидан эълон қилинди. Унда Трамп Суриянинг янги раҳбариятига «буюк бўлиш имкониятини бериш» мақсадида АҚШ санкцияларини ҳам бекор қилишини маълум қилганди. Асад режими декабрда ағдарилган, январда эса Аҳмад ал-Шаръа Суриянинг ўтиш даври президенти сифатида тан олинганди.