Европа Россияни Қора денгиздан сиқиб чиқармоқчи

28.05.2025 20:45 | 2 дақиқада ўқилади.

Европа Иттифоқи Қора денгизда денгиз хавфсизлигини таъминлаш бўйича янги стратегиясини ишлаб чиқди. Бунга кўра, минтақада Россия иштирокисиз махсус хавфсизлик ҳаби ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Black sea

Европа Иттифоқи ташқи ишлар хизмати раҳбари Кая Калласга кўра, янги стратегия денгиз йўллари хавфсизлигини таъминлаш, муҳим инфратузилмаларни ҳимоя қилиш ва денгиз экологиясини сақлашни кўзда тутади. Ушбу ташаббусга Болгария, Руминия, Туркия, Украина, Молдова, Гуржистон, Арманистон ва Озарбойжон жалб қилиниши режалаштирилган.

Ҳужжатда қайд этилишича, ташкил этиладиган ҳаб доирасида портлардаги фаолият ва денгиз транспорти устидан мониторинг, шунингдек, муҳим инфратузилмаларни патруллаш ишлари амалга оширилади. Каллас бу ташаббус Россия нефти ва нефт маҳсулотларини олиб ўтаётган танкерларни кузатишни ҳам ўз ичига олишини таъкидлади.

Европа Иттифоқига кўра, Қора денгиздаги фаолиятни аниқ ва очиқ-ошкора ташкил этиш, Россияга нисбатан жорий қилинган санкцияларни четлаб ўтиш ҳолатларига қарши самарали курашиш имконини беради. Янги стратегияни амалга ошириш Еврокомиссиянинг Қора денгиздаги минтақавий нуфузини оширишга қаратилган қадами сифатида баҳоланмоқда.