Danwatch (Дания) ва Der Spiegel (Германия) таҳририятлари Россиянинг махфий ядровий объектларига оид улкан маълумотлар оқимини аниқлаганини маълум қилди. Журналистлар қўлига 2 млндан зиёд ҳужжат тушган бўлиб, уларда Россиядаги энг юқори даражада қўриқланадиган ҳарбий базалар ҳақидаги тўлиқ маълумотлар мавжуд.
Маълумотларга кўра, ушбу ҳужжатларда Ясний шаҳрида жойлашган гипертовушли «Авангард» ядровий ракетаси сақланадиган база тўғрисида жуда аниқ деталлар — қурилиш схемаларидан тортиб, ҳожатхона ва ошхоналар жойлашувигача, ер ости туннеллари ва қурол хоналаригача кўрсатилган. Шунингдек, IT тизимлари, камералар, датчиклар, сигнализация ва ички инфратузилма схемалари ҳам бор.
Ҳарбий таҳлилчилар бу маълумотларни «разведка соҳасида юксак даражадаги» манбалар деб баҳоламоқда. Британия армиясининг собиқ разведка полковниги Филип Ингрэмнинг таъкидлашича, ушбу ҳужжатлар ёрдамида базаларнинг заиф нуқталарини аниқлаш мумкин.
Шунингдек, журналистлар ҳужжатлар орасида аскарлар қайси спорт анжомларидан фойдаланиши, бўш вақтларида шахмат ва шашка ўйнаши ҳақидаги маълумотларни ҳам топган. Девордаги шиорлар, масалан: «Стоп! Ортга қайт! Тақиқланган ҳудуд!», ҳам ҳужжатлар таркибида акс этган.
Маълум бўлишича, ушбу ҳужжатлар давлат харидлари тендерлари орқали ошкор бўлган. 2020 йил декабрида Россияда ҳарбий харидларни махфийлаштиришга оид қонун қабул қилинган бўлса-да, ишлаб чиқарувчи компаниялар кўплаб ҳужжатларни очиқ базаларга жойлашда давом этган. Айнан шу маълумотларни Danwatch ва Der Spiegel 2024 йил ёзги тендерлари орқали аниқлаган.
Норвегия ҳарбий академиясидаги разведка тадқиқотлари бўйича мутахассис Том Рёсет Россия бу базаларга бўлган ишончни тиклаш учун уларни қайта қуриши мумкинлигини таъкидлади. Бу эса мамлакатга катта молиявий зарар келтиради.
Россия Мудофаа вазирлиги ҳозирча ушбу масала бўйича ҳеч қандай изоҳ бермади.