Германия канцлери Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини кескин танқид қилди

28.05.2025 08:15 | 2 дақиқада ўқилади.

ГФР канцлери Фридрих Мерц 27 май куни Финландиянинг Турку шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида Исроилнинг Ғазога қарши авиаҳужумларини кескин танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, бу каби оммавий ҳарбий амалиётларни энди «ҲАМАСга қарши кураш» билан оқлаш мумкин эмас.

Merz turku

Мерц таъкидлашича, Исроил ҳаракатларида изчиллик қолмаган: «Мен буни биринчи айтганлардан эмасман, лекин энди жамоатчилик олдида очиқ айтиш вақти келди — бу юз бераётган воқеалар ақлга сиғмайди». У, хусусан, Исроил зарбаларининг ҳозирги кунда ҲАМАСга қарши кураш мақсадига хизмат қилаётгани шубҳа остида эканини таъкидлади.

Унинг сўзларига қўшимча равишда Германия ташқи ишлар вазири Йоҳанн Вадефул ҳам Ғазодаги ҳуманитар вазиятдан ташвиш билдирган. Коалициянинг кичик ҳамкори — Социал-демократик партия вакиллари эса Исроилга қурол етказиб беришни тўхтатишни талаб қилмоқда. Бундестагда ташқи сиёсат бўйича СДПГ вакили Адис Ахметович: «Немис қуроллари халқаро ҳуқуқ бузилишларида ёки инсонпарварлик фалокатларида қўлланмаслиги керак», — деди.

Мерцнинг бу баёноти Германия сиёсий анъанасида катта бурилиш сифатида баҳоланмоқда. Исроил билан тарихий муносабатлар туфайли Германия расмийлари одатда Тель-Авивни доимо ҳимоя қилган. Аммо сўнгги воқеалар туфайли бу позицияда ўзгариш кузатилмоқда.

Civey сўровномасига кўра, Германия фуқароларининг 51 фоизи Исроилга қурол экспорт қилишга қарши эканини билдирган. Бу мамлакатда жамоатчилик фикрида ҳам жиддий ўзгариш борлигини кўрсатади.

Ушбу танқидлар Буюк Британия, Франция ва Канада Исроилга Ғазо бўйича кескин огоҳлантирув берганидан бир ҳафта ўтиб янгради.