Германияда қочқинлар сони 3,5 миллион кишига етди

28.05.2025 20:15 | 2 дақиқада ўқилади.

Германияда расмий рўйхатдан ўтган қочқинлар сони 2024 йилда 3,5 миллион кишига етди. Уларнинг учдан бири — Украинадан келганлар. Бу ҳақда мамлакат федерал ҳукумати маълумотларига таяниб KNA агентлиги хабар берди.

Germany ref

Бундестагдаги сўлчилар партияси вакили Клара Бунгер сўровига жавобан тақдим этилган маълумотга кўра, ўтган йили 124 минг қочқин Германияга келган, улардан 108 минг нафари украиналиклар бўлган. Ҳозирда мамлакатда қочқин мақомига эга 1,2 миллионга яқин украиналик бор.

Женева конвенцияси асосида 710 минг нафар инсон қочқин деб тан олинган. Яна 43 минг кишига бошпана олиш ҳуқуқи берилган. 197 минг кишини, жумладан, 130 мингга яқин Афғонистондан келганларни депортация қилиш тақиқланган.

Шу билан бирга, 200 минг киши мамлакатни тарк этиши шарт ҳисобланади. Бироқ ҳукумат маълумотларига кўра, улардан 178 минг нафари айни пайтда Германияда вақтинча қолмоқда.