Ғазода фаолият бошлаган GHF танқидлар остида қолди

28.05.2025 21:45 | 3 дақиқада ўқилади.

АҚШ ва Исроил қўлловида ташкил этилган GHF инсонпарварлик ёрдамини тарқата бошлади, аммо халқаро ҳамжамият ва маҳаллий кучлар жиддий танқидлар билдирмоқда.

Ghf

Ғазо минтақасида янги инсонпарварлик ёрдам жамғармаси — GHF (Gaza Humanitarian Foundation) фаолият юрита бошлади. АҚШ ва Исроил ташаббуси билан ташкил этилган мазкур жамғарма инсонпарварлик ёрдамини тарқатишни мақсад қилган. Бироқ унинг фаолияти бошланиши биланоқ халқаро ташкилотлар ва маҳаллий кучлар томонидан шубҳа ва танқидларга учради.

Жамғарма тарқатган фотосуратларда эркаклар номаълум жойдан ёрдам қутиларини олиб кетаётгани акс этган. ВВС томонидан жамғармага юк машиналари сони ёки ёрдам олган одамлар ҳақида савол юборилган, бироқ ҳозирча жавоб берилмаган.

GHF маълумотларига кўра, ёрдам асосан Ғазо жанубидаги оз сонли тарқатиш нуқталари орқали амалга оширилади. Бу нуқталар америкалик пудратчилар томонидан қўриқланади, периметр бўйлаб эса Исроил қўшинлари патрул қилади. Олинган қутилар озиқ-овқат ва гигиена воситаларидан иборат.

БМТ ва бошқа кўплаб ҳуманитар ташкилотлар GHF билан ҳамкорлик қилишдан бош тортган. Уларга кўра, ушбу тизим ҳаракатланиши чекланган аҳоли учун амалий ёрдам кўрсатолмайди, минглаб фуқароларни хавф остига қўяди ва ёрдам сиёсий ва ҳарбий мақсадларга йўналтирилиши мумкин.

Норвегия Қочқинлар кенгаши бош котиби Ян Эгеланд GHFни «ҳарбийлаштирилган, хусусийлаштирилган ва бетарафликдан йироқ» деб баҳолади. Унинг таъкидлашича, жамғарма ортида собиқ ҳарбийлар ва Марказий разведка бошқармасининг собиқ ходимлари турибди.

ҲАМАС эса фаластинликларга GHF билан ҳамкорлик қилмаслик ҳақида огоҳлантирди. Улар бу тизимни «ахборот қуролига айланган, сунъий очлик сиёсатини юритувчи», деб ҳисоблашмоқда.