Хитой нефтни кўп талаб қиладиган оғир саноат, ишлаб чиқариш ва жамоат инфратузилмасига катта сармоя киритишга таянган бўлса, Ҳиндистон бунинг аксини амалга ошириб, нисбатан кам энергия сарфлайдиган хизматларини ривожлантирди. Аммо ҳозир вазият ўзгарган пайтда дунёдаги аҳолиси энг зич бўлган мамлакатда талаб барибир етарлича тез ўсаётгани йўқ.
Халқаро энергетика агентлиги маълумотларига кўра, бу йил Хитойда нефтга бўлган талаб иқтисодий ўсишнинг секинлашиши ва электромобилларнинг тез тарқалиши туфайли кунига 135 минг баррелга ошади. Пандемия даврини ҳисобга олмаганда, бу 2005 йилдан бери энг кичик йиллик ўсиш бўлади.
Аслида, Ню-Деҳли иккинчи Пекин бўлиш имкониятини йўқотди. Барча мутахассислар 2030 йилгача Ҳиндистонда нефтга бўлган талаб ҳар йили кунига бир миллион баррелгача ошишини кутган эди. Бироқ, сўнгги уч ой ичида мамлакатда нефтга бўлган талабнинг ўсиши секинлашди. Бу кўрсаткич эса ўз навбатида ривожланаётган иқтисодиёт индексини ҳисоблашда инобатга олинади.
Ҳозирги вазиятда Ҳиндистонда истеъмол бу йил кунига атиги 130 минг баррелга ошиши мумкин, бу кўпчилик бир йил олдин тахмин қилганидан қарийб икки баравар кам. Агар бу тасдиқланса, пандемия даврини ҳисобга олмаганда ўн йил ичидаги энг паст йиллик ўсиш кўрсаткичи бўлади.
Дунёдаги учинчи йирик истеъмолчи сифатида, Япониядан илгарилаб ва фақат АҚШ ҳамда Хитойдан кейин турган Ҳиндистон ҳали ҳам нефть бозорида катта кучга эга. Аммо Ҳиндистоннинг ўйин қоидаларини ўзгартира олмаслиги тобора аниқ бўлиб бормоқда. Энди соҳа таҳлилчилари учун Осиё гиганти ҳозирги турғунликка учраган Хитойдан кўра жиддийроқ муаммога айланади.