SpaceX компанияси асосчиси ва раҳбари Илон Маск Марсга учишни корпорациянинг асосий стратегик мақсади, деб атади. Бу ҳақда унинг сўзларини The Washington Post нашри келтирмоқда. Унга кўра, Марсга парвоз инсоният тарихидаги янги босқичга айланади.
«Менимча, асосий мақсадимиз Марс бўлиши керак. Балки шу йўлда Ойга ҳам қайтарамиз», — деди Маск. Унинг фикрича, бу қадам NASAнинг «Аполлон» дастуридан кейинги энг катта космик синов бўлади.
Эслатиб ўтамиз, «Аполлон» — 1960–1970 йилларда амалга оширилган ва инсоният тарихидаги илк Ойга қадам қўйишни таъминлаган пилотли космик дастур эди. Маск энди навбатдаги глобал муваффақият нуқтаси сифатида Марсни кўрмоқда.
Аввалроқ Маск Starship номли янги космик кемани Марсга юбориш режаси ҳақида маълум қилган эди. Илк парвозда инсон эмас, балки инсонсимон робот қатнашиши кўзда тутилган. Агар бу миссия муваффақиятли ўтса, 2029 йилга келиб Марсга биринчи инсонларни юбориш имкони яратилади.
Starship — SpaceX компанияси томонидан яратилган, қайта ишлатишга мўлжалланган энг йирик ва кучли ракета тизимидир. Ундан келгусида ҳам Марс, ҳам бошқа космик йўналишларга парвозлар амалга оширилиши кутилмоқда.
Илон Маскнинг фикрича, инсониятнинг узоқ муддатли омон қолиши учун Ердан ташқаридаги ҳаёт муҳим аҳамиятга эга. У SpaceX орқали шундай глобал муваффақият сари илк қадамлар қўймоқда.