Москвада шаҳарни яхши билмаган мигрант таксичиларга 5 минг рубл жарима солинади

28.05.2025 19:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Москвада такси ҳайдовчилари учун шаҳар инфратузилмаси, муҳим объектлар ва қоидалар бўйича мажбурий тест жорий қилинди. Имтиҳондан ўтмасдан иш бошлаган ҳайдовчиларга жарима қўлланилади.

Taxi moscow

Москва шаҳар ҳокимлиги томонидан қабул қилинган янги қонунга кўра, пойтахтда таксичилик қилишни хоҳлаган ҳайдовчилар махсус билим синовидан ўтишлари шарт қилиб белгиланди. Бу ҳақда Москва мэри Сергей Собянин томонидан имзоланган қарорда маълум қилинган.

Тест 20 дақиқа давом этади ва тўққиз саволдан саккизтасига тўғри жавоб бериш талаб этилади. Синовдан муваффақиятли ўтган ҳайдовчиларга сертификат берилади ва у икки йил амал қилади. Тест бепул бўлиб, шаҳарнинг муҳим давлат, ижтимоий ва маданий объектлари, уларга олиб борувчи йўналишлар, фавқулодда вазиятлардаги ҳаракатлар, йўловчи ва юк ташиш қоидалари ҳақидаги билимларни қамраб олади.

Қонунга кўра, имтиҳондан ўтмасдан фаолият бошлаган ҳайдовчиларга 5 минг рубл миқдорида жарима белгиланган. Ушбу чора такси хизматларини сифатли ва хавфсиз қилиш мақсадида амалга оширилмоқда.

2023 йилдаги Халқаро Евросиё «Такси» форумида келтирилишича, Москвада 332 минг таксичи рўйхатдан ўтган бўлиб, улардан 79 мингга яқини Қирғизистон, 7 минг нафари Тожикистон ва 5 мингга яқини Ўзбекистон фуқаролари ҳисобланади.