Ўзбекистон сув таъминотини рақамлаштириш учун ОТБдан 125 млн доллар олади

28.05.2025 16:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонга ичимлик суви таъминотини рақамлаштириш мақсадида $125 млн миқдорида маблағ ажратди. Лойиҳа доирасида «ақлли» ҳисоблагичлар ва телеметрия тизимлари жорий этилади.

Otb

Ўзбекистон ичимлик суви таъминоти ва канализация соҳасини рақамлаштириш мақсадида Осиё тараққиёт банкидан (ОТБ) $125 млн маблағ жалб қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати 27 май куни хабар берди. Президент Шавкат Мирзиёев ушбу соҳада амалга оширилаётган лойиҳалар билан шахсан танишган.

Ҳозирги кунда мамлакатда аҳолининг 81 фоизи ичимлик суви, 20 фоизи эса оқова сув тизимига уланган. Жорий йилда 1619 км ичимлик суви ва 521 км канализация тармоқлари қуриш ҳамда 162 та иншоотни барпо этиш ва таъмирлаш режалаштирилган.

Янги инфратузилмалар туфайли 715 минг нафар аҳолига илк бор марказлашган ичимлик суви етказилади, 400 мингга яқини эса канализация хизматига уланади. Умумий ҳисобда 21 та йирик лойиҳа халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда, жорий йилда улар доирасида $800 миллионлик ишлар режалаштирилган.

ОТБдан ажратилган $125 миллионлик маблағ сув тизимини рақамлаштиришга йўналтирилади. Беш йил мобайнида 4800 та «ақлли» ҳисоблагич ва 3000 га яқин телеметрия тизими магистрал қувурлар ва йирик иншоотларга ўрнатилади. Бу сув истеъмолини назорат қилиш ва самарадорликни оширишга хизмат қилади.

Ҳужжатда таъкидланишича, мазкур йўналишда халқаро ҳамкорлик ва хусусий сектор билан шериклик фаоллашмоқда. Шу сабабли, замонавий талабларга жавоб берадиган мутахассислар тайёрлаш ҳам устувор вазифа этиб белгиланган.