Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги маслаҳатчиси Махлиса Аминова 26–27 май кунлари Қатар Давлатига амалий ташриф билан борди. Сафар доирасида у мамлакатнинг қатор муҳим давлат ва жамоат тузилмалари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди.
Музокаралар давомида Қатар Ташқи ишлар вазирлиги, Қатар тараққиёт фонди, Qatar Charity ташкилоти, Вақф ишлари бўйича бош бошқарма ва Доха фан ва технология университети раҳбарияти билан икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва ёшларнинг касбий малакасини ошириш йўналишларида ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Томонлар ўзаро тажриба алмашиш ва юқоридаги соҳалар бўйича шерикликни чуқурлаштиришга тайёр эканликларини таъкидлашди. Учрашувлар икки мамлакат ўртасидаги мулоқотни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ушбу ташриф Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам сифатида қайд этилмоқда.