Тошкентда Рақамли технологиялар вазирлиги ва IT Park Uzbekistan ташаббуси билан ўтказилган «Growth Point: Ўзбекистон рақамли бизнес учун» халқаро форуми халқаро IT-компаниялар, BPO соҳаси, геймдев ва креатив агентликлар вакилларини бирлаштирди. Уч кунлик тадбир Ўзбекистоннинг минтақадаги технологик марказ сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлади.
Форумнинг биринчи кунида стратегик сессиялар ташкил этилиб, IT экспорт салоҳияти, экотизимни ривожлантириш ва инвесторларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди. Raqamli texnologiyalar vaziri биринчи ўринбосари Олег Пекос ва IT Park раҳбари Абдулаҳад Қучқоров тадбирни очиб берди.
Иштирокчилар орасида ўз бизнесини Ўзбекистонда маҳаллийлаштирган компаниялар ҳам бўлиб, улар муваффақиятли тажрибалари билан ўртоқлашишди. Voice Solutions VB раҳбари Дмитрий Фалалеев овозли технологиялар, Forward Gateway директори Ельнара Велиева мобиль ўйинлар, Artcraft студияси раҳбари Ҳасан Салихов эса креатив хизматларни экспорт қилиш бўйича маърузалар қилди.
Иккинчи куни амалиётий воркшоплар ўтказилиб, иштирокчилар бизнес бошлаш бўйича тўлиқ йўриқнома олди. Қонуний рўйхатдан ўтиш, банк ҳисобларини очиш, давлат дастурларига уланиш каби мавзулар қамраб олинди. Бу сессиялар, хусусан, Ўзбекистонни минтақага кириш нуқтаси сифатида кўраётган компаниялар учун муҳим бўлди.
Учинчи куни «One Stop Shop» форматида тезкор рўйхатдан ўтказиш жараёни амалга оширилди. Давлат хизматлари маркази билан ҳамкорликда 5 та компания рўйхатдан ўтказилиб, IT Park резиденти мақомини олиш жараёнини бошлади. Яна 12 та компания яқинда ўз ваколатхоналарини очиш ниятида экани билдирилди.
Бугунги кунда IT Park’да 2800 дан зиёд компания фаолият юритмоқда, шундан 650 таси хорижий бозорларга хизмат экспорт қилмоқда. 2025 йилда IT Park экспортининг 18 фоизи МДҲ мамлакатларига тўғри келган.
Ўзбекистонда рақамли трансформация жараёнлари доирасида инсон капиталига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кенг қамровли кадрлар тайёрлаш дастурлари ва халқаро ҳамкорликдаги лойиҳалар хизмат экспортининг барқарор моделини шакллантирмоқда.
«Growth Point» форуми Ўзбекистонни Евросиё минтақасида рақамли бизнес маркази сифатида кўрсатди. Мамлакат нафақат бизнес учун қулай муҳит яратиб, балки технологик трансформация жараёнларини бошқаришда ўз имкониятларини намоён этмоқда.