Гарвард ва Стэнфорд университетлари тадқиқотчилари ўтказган қўшма тадқиқот натижалари сунъий интеллект (СИ) тизимлари тиббиётда, хусусан, ташхис қўйиш соҳасида юқори самарадорликка эга эканини тасдиқлади. Олимларнинг фикрича, СИ инсон омилларидан халос ҳолда тезкор ва аниқ қарорлар қабул қилиш қобилияти билан ажралиб туради.
Тадқиқот доирасида реанимация бўлимига ётқизилган беморларнинг ҳолати таҳлил қилинди. Сунъий интеллект 79,7 фоиз ҳолатда тўғри ташхис қўйган бўлса, шифокорлар натижаси 75,9фоизни ташкил этди. Айниқса, вақт камлиги ва беморнинг тиббий тарихи билан танишиш имкони чекланган вазиятларда СИ самарадорлиги аниқ кўринди.
Олимлар таъкидлашича, тиббиётдаги ўлим ҳолатларининг тахминан 10 фоизи нотўғри ташхислар билан боғлиқ. Шундай шароитда сунъий интеллект технологияларини тиббий амалиётга жорий этиш бу кўрсаткични пасайтиришга ёрдам беради ва тиббий хизмат сифатини яхшилайди.
Шу билан бирга, мутахассислар СИ шифокорларнинг ўрнини тўлиқ боса олмаслигини, балки уларнинг ишончли ёрдамчиси сифатида ташхис жараёнида инсон хатоларини камайтиришда хизмат қилишини таъкидламоқда.
Тадқиқот тиббиётда рақамли технологияларнинг роли тобора ўсиб бораётганини ва улар инсон ҳаёти учун муҳим бўлган соҳаларда самарали ечим таклиф этаётганини яна бир бор исботлади.