Тошкент вилоятида 40 та микро ГЭС қурилиши учун ер ажратилди

28.05.2025 15:15 | 3 дақиқада ўқилади.

Тошкент вилоятида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларда 40 та микро гидроэлектростанция қурилиши режалаштирилмоқда. Бу мақсадда 6,59 гектар ер доимий фойдаланишга берилди.

Gsc

Тошкент вилоятида давлат захирасига кирувчи 40 та нуқтада жойлашган жами 6,59 гектар ер майдони Энергетика вазирлигига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилди. Бу ер участкалари шаҳар ва туманлар ҳудудидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган майдонлар ҳисобланади. Бу ҳақда вилоят матбуот хизмати маълум қилди.

Мазкур ерлар микро гидроэлектростанциялар (микро ГЭС) қуриш учун сармоядорлар ва ташаббускорларни аниқлаш мақсадида аукционга қўйилади. Лойиҳа орқали қайта тикланувчи энергия манбаларига бўлган эҳтиёж қопланиши ҳамда маҳаллий инфратузилма ривожланиши кутилмоқда.

Қурилиш ишлари Пискент, Оҳангарон, Бекобод, Юқори Чирчиқ, Бўстонлиқ, Қибрай, Чиноз, Бўка, Янгийўл, Зангиота туманлари ҳамда Ангрен, Олмалиқ, Бекобод ва Чирчиқ шаҳарларида амалга оширилади. Бу лойиҳа қишлоқ ҳудудларида энергия таъминотини яхшилашга хизмат қилади.

Аввалроқ шунингдек, мазкур вилоятда 29 та кичик ва микро ГЭС қурилиши режалаштирилаётгани ҳақида ҳам маълум қилинган эди. Янги 40 та объект билан бу кўрсаткич янада ошиши кутилмоқда.

Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергияга бўлган эътибор тобора кучайиб бораётгани, айниқса, маҳаллий ва хусусий секторларни жалб қилиш орқали амалга оширилаётган лойиҳалар сони ортиб бораётгани билан изоҳланади.