Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги Темир йўл техникаси музейи ҳудудида жойлашган овқатланиш нуқтасининг «Сосискахона» деб номланган ёзуви кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Фойдаланувчилар бу номни кулгили ва музей муҳитига мутлақо мос эмас деб ҳисоблаб, ўз эътирозларини билдиришди.
«Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизмати ушбу ҳолатга муносабат билдириб, ёзув музей раҳбарияти томонидан олиб ташланганини маълум қилди. Шу билан бирга, музейни аттракционли ва оилавий дам олиш масканига айлантириш бўйича ишларни тўхтатиш режалаштирилмаётгани таъкидланди.
Музей ҳудудида ҳозиргача қуйидаги ишлар амалга оширилган: 500 дан ортиқ дарахт ва гул экилиб, 6000 метр кв брусчатка ётқизилган, 3,5 минг метр кв майдонда яшил ҳудудлар ташкил этилган. Шунингдек, 20 та инфратузилма объекти қайта жиҳозланиб, овқатланиш ва савдо нуқталари сифатида фаолият юритмоқда.
Музей экспонатларидан тўрттаси таъмирланиб, кафе ва ресторан сифатида мослаштирилган. Ҳудуд хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 22 та видеокамера ўрнатилган, шунингдек, 7 та болалар аттракциони ва 60 метрли мусиқали фаввора фойдаланишга топширилган.
Музейга келувчилар сони президент қарори асосида амалга оширилган реконструкциядан сўнг бир неча ўн баробарга ошгани қайд этилди. Шу боис, маданий меросни сақлаган ҳолда, замонавий дам олиш имкониятларини яратиш концепциясига риоя этишда давом этилади.