Транспортдан чиқинди ташлаганлар учун жарималар 15 БҲМгача ошиши мумкин

28.05.2025 14:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда экологик маданиятни ошириш мақсадида транспорт воситаларидан чиқинди ташловчиларга нисбатан жарималар қатъийлаштирилиши кутилмоқда. Янги таклифда жарима миқдори икки баробарга ошиши мумкин.

Chiqindi

Ўзбекистон ҳукумати 2030 йилгача аҳолининг экологик маданиятини ошириш концепцияси доирасида йўллардаги чиқинди муаммосини бартараф этиш учун қонунчиликка ўзгартишлар киритишни режалаштирмоқда. Хусусан, транспорт воситасидан чиқинди ташловчилар учун маъмурий жазо чоралари кучайтирилади.

Ҳозирда амалдаги 91¹-моддага асосан, белгиланган жойларга чиқинди ташлаган жисмоний шахсларга 1–3 БҲМ, юридик шахсларга эса 3–5 БҲМ миқдорида жарима белгиланган. Янги таклифга кўра, бу кўрсаткичлар 3–5 БҲМгача оширилиши мумкин, такрорий қоидабузарлик ҳолатида эса 10–15 БҲМ жарима назарда тутилмоқда.

Тегишли тадқиқотларга кўра, шаҳар кўчаларидаги чиқиндиларнинг 53 фоизига яқини ҳайдовчи ва йўловчилар томонидан ташлаб кетилади. Уларнинг асосий қисмини пластик идишлар, овқат қолдиқлари ва сигарет фильтрлари ташкил этади. Бу ҳолат, айниқса, Тошкент шаҳри мисолида яққол кўзга ташланмоқда.

Расмий маълумотларга қараганда, пойтахтда 638,8 мингта транспорт воситаси рўйхатда турган бўлса, ҳар куни 150–300 мингта қўшимча автомобил шаҳарга киради. Агар уларнинг ҳар ўнтасидан бири чиқинди ташласа, бу 15–30 минг дона чиқиндини ташкил этади.

Қонунчиликдаги ушбу ўзгаришлар нафақат экологик муаммони ҳал этиш, балки аҳолини шахсий жавобгарликка ўргатиш ва тартибга чақириш мақсадида амалга оширилади. Ҳозирда бу таклифлар муҳокама босқичида турибди.