Xiaomi қаҳва ҳиди келадиган смартфонни тақдим этди

28.05.2025 16:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Xiaomi компанияси корпуси қайта ишланган қаҳва қуруғи материалидан ясалган ва енгил американо ҳиди келадиган янги смартфонни ишлаб чиқарди. У юқори техник хусусиятлар билан ҳам ажралиб туради.

Xiomi

Xiaomi 2025 йилнинг 28 май куни ўзининг навбатдаги инновацион маҳсулоти — Civi 5 Pro Iced Americano смартфонини тақдим этди. Унинг энг диққатга сазовор жиҳати шундаки, корпуси қайта ишланган қаҳва қуруғи материалидан тайёрланган ва ундан енгил қаҳва ҳиди тарқалади.

Смартфон 6,55 дюймлик OLED дисплейга эга бўлиб, 120 Гц янгиланиш частотасини қўллаб-қувватлайди. Ишлаш самарадорлиги учун унда сўнгги авлод Snapdragon 8s Gen 4 процессори жойлаштирилган. Батареяси 6000 мАч сиғимга эга бўлиб, 67 ваттли тез зарядлаш технологиясини қўллайди.

Civi 5 Pro селфи олиш учун 50 мегапикселли камерага эга. Асосий камера модули 50+50+12 мегапикселлик учта сенсордан ташкил топган бўлиб, улар орасида телевик ва кенг бурчакли линзалар ҳам мавжуд.

Смартфон ҳозирча Хитойда сотувга чиқарилган бўлиб, унинг бошланғич нархи 2999 юанни (тахминан $410) ташкил этмоқда. Ушбу модел ташқи кўриниши ва ноанъанавий материалы билан ҳам, замонавий техник жиҳатлари билан ҳам харидорлар эътиборини ўзига тортаётгани айтиб ўтилмоқда.

Шу тариқа, Xiaomi нафақат технологияда, балки дизайн ва экологик ёндашувда ҳам янгилик қилишга интилмоқда. Қайта ишланган қаҳвадан фойдаланиш орқали компания атроф-муҳит муҳофазасига ҳам ҳисса қўшмоқда.