Президент Шавкат Мирзиёев 27 май куни темир йўл соҳасини ривожлантириш бўйича тақдимот билан танишди. Тақдимотда асосий эътибор юк ташиш самарадорлигини ошириш, транзит имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш ва инфратузилмани такомиллаштиришга қаратилди.
Маълумотларга кўра, «Ўзбекистон темир йўллари» 2024 йилни 47 млрд сўмлик соф фойда билан якунлаган. «Temiryulkargo» компанияси ташкил этилгани орқали юк вагонларидан фойдаланиш самарадорлиги икки баробар ошган. Лекин салоҳият ҳали тўлиқ ишлатилмаётгани таъкидланди.
Хусусан, транзит юк ташиш ҳажмини 40 фоизга ошириш орқали даромадни икки баробарга кўпайтириш мумкинлиги қайд этилди. Илк бор Хитой — Туркия йўналишида юк поездлари қатнови йўлга қўйилгани бу йўналишдаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Ҳозирда ташқи юкларнинг 70 фоизи Чуқурсой станцияси орқали ташилмоқда, бу эса ортиқча вақт ва харажатларни келтириб чиқармоқда. Шу сабабли, юк станцияларини Тошкентдан ташқарига кўчириш Янгиюл ва ҳамда Янги Тошкент яқинида янги, йирик станциялар қуриш таклиф қилинмоқда.
Бундан ташқари, пойтахтни айланиб ўтадиган «Озодлик — Янгийер» темир йўли қурилиши режалаштирилмоқда. Бу орқали Фарғона водийси билан бошқа ҳудудлар ўртасидаги юк ташиш Тошкентга кирмасдан амалга оширилади. Шу билан бирга, Самарқанд — Ургут темир йўли лойиҳаси бўйича ҳам ишлар бошланган, 7 км темир йўл излари ётқизилган.
Йўловчилар учун вокзаллардаги хизматлар сифатини ошириш, туризмга мос қулайликлар яратиш ва автотураргоҳларни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Электропоездлар олиб келиш ва умумий хизмат даражасини ошириш бўйича режалар билдирилди.