«Америка овози» барча ходимларини ушбу ҳафтада ишдан бўшатиши мумкин

29.05.2025 18:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Politico маълумотига кўра, АҚШнинг давлатга қарашли Voice of America (VOA) ахборот тармоғи қолган 800 нафар доимий ходимни ҳам яқин кунларда ишдан бўшатиши мумкин. Бу жараён Трамп маъмурияти бошлаган қисқартиришларнинг давоми сифатида баҳоланмоқда.

Amerika ovozi

Politico нашрининг хабар беришича, АҚШнинг хорижий ахборот тарқатиш хизмати ҳисобланган Voice of America агентлигида қолган 800 нафар штатдаги ходим бу ҳафта ишдан бўшатилиши мумкин. Бу агентлик ичидаги манбаларга таяниб тарқатилган маълумот бўлиб, процесс барча ходимларни қамраб олиши эҳтимолидан далолат беради.

Мазкур қисқартиришлар АҚШнинг Глобал медиа агентлиги (USAGM)га тегишли бўлган Voice of America’ни деярли тўлиқ ёпиш билан якунланиши мумкин. Аниқланишича, агентлик амалда март ойидаёқ фаолиятини тўхтатган ва бу Президент Доналд Трамп маъмурияти томонидан қабул қилинган қисқартиришлар фармони билан боғлиқ.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил май ойида Voice of America таркибида фаолият юритган 600 нафар шартнома асосидаги ходим ҳам ишдан бўшатилган эди. Ушбу босқичда доимий штатдаги ходимларга ҳам тегиши кутилмоқда.

Агентликдаги баъзи ишчиларнинг сўзларига кўра, бу жараён ахборот тармоғини бутунлай ёпишга олиб келиши мумкин. VOA дунё бўйлаб АҚШ нуқтаи назарини ёритувчи асосий ахборот ресурсларидан бири эди.

Ҳозирча расмий изоҳлар берилмаган. Аммо мутахассислар бундай кенг қамровли қисқартиришларни сиёсий қарорлар ва молиявий ресурсларни қайта тақсимлаш билан боғлашмоқда.