Апрелда банклардаги муаммоли кредитлар 0,6 фоизга ўсди

29.05.2025 14:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Мамлакатдаги банклар умумий кредит портфели ошганига қарамай, айрим хусусий банкларда муаммоли кредитлар улуши юқори бўлиб қолмоқда.

Npl

1 май ҳолатига кўра, Ўзбекистон банк тизимидаги муаммоли кредитлар (NPL) умумий ҳажми 23,6 трлн сўмни ташкил этди. Бу 1 апрелга нисбатан 0,6 фоизга кўпдир. Бироқ умумий кредитлардаги NPL улуши 4,3 фоиздан 4,2 фоизга камайди. Бу ҳолат апрел ойида кредит портфелининг 13,7 трлн сўмга ўсгани билан изоҳланди. Ҳозирда умумий портфель 565,5 трлн сўмни ташкил этмоқда.

Муаммоли кредитларнинг асосий қисми давлат улуши мавжуд банкларга тўғри келмоқда. Улардаги NPL ҳажми 15,9 трлн сўм бўлиб, бир ойда 0,8 фоизга камайди. «Ўзмиллийбанк» 3,3 трлн сўм билан етакчиликни сақлаб қолган, аммо банкнинг умумий кредитларидаги муаммоли қарз улуши 3,2 фоиздан 3 фоизга тушди.

«Агробанк»да 2,8 трлн сўм (4,2%), «Ўзсаноатқурилишбанк»да 2,7 трлн сўм (3,9%), «Асакабанк»да 1,9 трлн сўм (4,8%) ва «Бизнесни ривожлантириш банки»да 1,8 трлн сўм (7,9%) муаммоли кредит қайд этилган.

Хусусий банкларда эса кредит портфели 176,5 трлн сўмга етди. Уларда NPL ҳажми 7,6 трлн сўм бўлиб, умумий кредитлар улуши 4,3 фоизда қолмоқда. «Ипотекабанк» 3,4 трлн сўм муаммоли қарз билан етакчи ҳисобланади. Портфелдаги NPL улуши 9,7 фоизни ташкил қилган.

Энг юқори муаммоли кредит улушига эга хусусий банклар:
– «Гарант банк» – 22,4% (164 млрд сўм)
– «AVO банк» – 12,7% (58 млрд сўм)
– «Янги банк» – 9,1% (10 млрд сўм)

Маълумот учун, NPL – бу тўлов муддати 90 кундан ошган ва қайтарилмаётган кредитлар ҳисобланади.